Фуқаролар ДХМ орқали статистика маълумотларини олиши мумкин бўлади - янги қарор

Тақдим этиладиган ҳар бир статистик маълумотни шакллантириш учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Статистика маълумотларини давлат хизматлари марказлари орқали олиш имконияти яратилади. Бу ҳақида Ҳукуматнинг 672–сонли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентда назарда тутилган.
Регламентга кўра, фуқаролар мазкур давлат хизмати доирасида статистика дастури ва фаолиятида юритиладиган статистик таснифлар асосида шакллантириладиган маълумотлар, шунингдек очиқ манбаларда эълон қилинадиган маълумотларни олиши мумкин.
Қуйидагилар давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:
таркибида давлат сирлари ва қонунчилик билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган, шунингдек индивидуал маълумотларни сўраш;
шакллантирилиши статистика дастурида назарда тутилмаган ёки шакллантириш муддати ҳали келмаган статистика маълумотларини сўраш.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Давлат хизмати доирасида олинган статистика маълумотларини тарқатишда (қайта чоп этишда) маълумот олинган манбага мажбурий тартибда ҳавола берилиши шарт.
Тақдим этиладиган ҳар бир статистик маълумотни шакллантириш учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.