Яқин йилларда 6,5 минг км оқова сув тармоқлари тортилади – “Ўзсувтаъминот”

Республика аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини 35 фоизга етказиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. АОКАда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида “Оқова сувларни чиқариб юбориш: муаммо ва ечимлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Маълм қилинишича, бугунги кунда мамлакатда 125 та оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 58 таси йирик, 67 таси локал оқова сув тозалаш иншоотлари ҳисобланади. Оқова сув иншоотларинингумумий лойиҳавий кунлик қуввати 3,7 млн метр куб бўлиб, амалда кунига 2,7 млн метр куб қувватбилан ишлаб келмоқда.
“Ўзсувтаъминот” АЖ мутахассиси Анвар Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ 32 та йирик шаҳарларва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилашбелгиланган.

“Ушбу давр мобайнида 283 та оқова сув иншоотлари қурилади, 6,5 минг км оқова сув тармоқлари тортилади ва реконструкция қилинади. Бунинг натижасида республика аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 35 фоизга етказилади”, - деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, оқова сув хизматларини кўрсатиш соҳасидаги тизимли муаммолардан бири – бу саноат корхоналарида бирламчи (локал) тозалаш ускуналари ўрнатилмаганлигидир. Корхоналардаги мавжуд тозалаш ускуналари ҳам талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида чиқарилаётган оқова сувларнинг таркиби меъёрдан юқори зарарли бўлиб, тозалаш иншоотларининг технологик фаолиятини издан чиқармоқда.
Ҳозирда республикада 282 та оқова сув кўтариш насос станцияларида жами 527 та насос агрегатлари мавжуд бўлиб, шундан 122 таси носоз, шунингдек, мавжуд жами 8,8 минг км оқова сув тармоқларидан 2,1 минг км (23%) таъмирталаб аҳволга келган.
Муаммони ҳал этиш мақсадида барча дастурлар доирасида кунлик умумий қуввати 1,3 млн метр куб бўлган 45 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 329 та насос станциялари ва 3,8 минг км оқова сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.