Россияда 6 миллион хорижий фуқаро доимий яшайди - Казакова

Россияда доимий асосда 6 миллионга яқин хорижий фуқаролар яшайди. Улардан 3 миллионга яқини меҳнат мигрантлари.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Бугунги маълумотларга кўра, Россияда 6 миллионга яқин хорижлик истиқомат қилади, уларнинг ярми меҳнат мигрантлари. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Россия ИИВ Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.
“Ҳозирда Россияда 6 миллионга яқин хориж фуқароси қолмоқда, уларнинг ярми меҳнат мигрантлари. Уларнинг 400 мингга яқини талабалар ва 750 мингга яқини вақтинча ва доимий истиқомат қилувчи хорижий фуқаролардир", - деди Казакова.
Шунингдек Миграция бошқармаси бошлиғи ўтган йил давомида 3 миллионга яқин чет эл фуқаролари мажбурий бармоқ излари топширганини (дактилоскопия) маълум қилди.
“Ўтган йилнинг охиридан бошлаб барча чет эл фуқароларини бармоқ изини қайд этиш, суратга олиш, тиббий кўрикдан ўтказиш мажбуриятини юкловчи қонун кучга кирди. <...>. Жорий йилда деярли 3 миллион киши ушбу протседурадан ўтди”, - деди Казакова брифингда.
Шунингдек Казакова Россияда йил бошидан буён аниқланган сохта рўйхатга олиш фактлари ҳақида ҳам маълум қилди.
“Йил бошидан бери 660 мингта ҳолатда хорижий фуқароларни сохта рўйхатга олиш факти аниқланди. Улар ҳисобдан чиқарилиб, жиноий иш қўзғатилди”, - деди у.
Казакованинг қўшимча қилишича, йил бошидан буён 220 та сохта никоҳ қайд этилган ҳолатлар ҳам аниқланган.