ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Санкт-Петербург ўртасида талабалар алмашув дастури амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон Бош консули ва мамлакатнинг Санкт-Петербургдаги элчихонаси вакилларининг Санкт-Петербург тиббиёт-ижтимоий институтига ташрифи чоғида маълум қилинди.
Учрашувда икки мамлакат ОТМлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишлари ва бир қатор қўшма тадбирлар ўтказиш белгилаб олинди.
Ташрифнинг расмий қисмидан сўнг институтда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди. Унда қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, тажриба ва академик алмашувларни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Санкт-Петербург ижтимоий тиббиёт институти ректори Сергей Мальцев соҳага оид олий таълим муассасалари билан талабалар ва ўқитувчилар алмашув дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Шунингдек, институтдаги симуляция маркази ва Стоматология таълим маркази, анатомик музей ва институтнинг ўқув хоналари фондига қисқа муддатли экскурсия ташкил этилди.
Экскурсия давомида Бош консул институтнинг моддий-техник базасининг юқори даражаси ва таълим олиш учун энг қулай шароитлар мавжудлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, келгусидаги самарали ҳамкорлик дўст халқларнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлайди ва малакали мутахассислар тайёрлашда янги уфқларни очади.