Жуда кулгули: Европа газ учун жуда юқори нарх таклиф қилмоқда

Sputnik
Европа Иттифоқи Россия ресурслари учун нарх чегараларини келишиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Бир томондан Москвани даромадсиз қолдириш лозим, бошқа томондан - ўзлари энергия манбааларисиз қолиб кетмасликлари керак.
Акс ҳолда “ёрдам қўлини чўзаётганлар”дан уч баробар қимматга сотиб олишга тўғри келади. Еврокомиссиянинг якуний қарори барчани ҳайратга солди: нархлар чегараси шу қадар баланд бўлдики, кимлардир бундан ғазабга келди, яна кимлардир эса кулишмоқда.

Юқори чегара

Ғарб давлатлари раҳбарлари июнь ойида G7 саммитида Россия нефти ва гази нархларни чеклаш тўғрисида келишиб олишган эди. Декабрь ойидан нефтга, февралдан нефть маҳсулотларига чекловлар кучга киради. Газ борасида вазият ҳали аниқ эмас.
Аммо Еврокомиссия виртуал Title Transfer Facility (TTF) хабида 1 МВт/с учун максимал 275 евро миқдорида таклиф киритди.
“Бу ҳаммасини ҳал қилмайди, аммо бизга керак бўлганда фойдалана оладиган қудратли инструмент бўлади", - дейди энергетика бўйича еврокомиссар Кадри Симсон.
Ҳужжатда иккита шарт бир вақтда бажарилганда механизм ишга туширилишига аниқлик киритилган. Биринчиси: келгуси ой учун TTF дериватининг ҳисобланган нархи икки ҳафта давомида бир Мвт/с учун 275 евродан ошади. Иккинчидан, бу кўрсаткич икки ҳафта давомида кетма-кет ўн савдо куни давомида суюлтирилган газнинг базавий нархидан юқори.

Бу бир ой олдин тузилган шартномалар учун бўйича ҳар 1000 куб метр газ учун тахминан 3000 долларлик чегарани англатади.

“Бу бемаънилик”

Ушбу “Қийналиб” топилган қарор кескин танқидларга сабаб бўлди: гарчи у ёз фаслидаги энг юқори кўрсаткичлардан сал паст бўлсада нархлар икки баробар қиммат.

“Бу ҳазил. Ҳатто августда бўлиб ўтган экстремал сценарийларда ҳам ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу чеклов эмас - бемаънилик”, - дея ўз ғазабини билдирмоқда Брюсселнинг Bruegel таҳлилий маркази катта илмий ходими Симона Тальяпетра.

Августда ICE Лондон биржаларида котировкалар нархи “Шимолий оқим” бўйича таъминот тўхтатилганда 1 МВт/с учун 300 евродан ҳам ошиб кетган эди. Аммо, бу бир ҳафтача давом этди.
Германияда “нархларнинг намойишкорона оширилиши - келишмовчиликларни кучсизлантириш учун керак бўлган сиёсий қадам” дея тушунтиришди. Яъни Брюссель нархларни назорат қилишга хам, бозор тизимига аралашмаслик чорловларига ҳам шундай муносабат билдирган.

“Лекин баҳс яна қизимоқда: Бельгия, Греция, Италия ва Польша мамлакатлари энергетика вазирлари учрашувида газ бозори бўйича бошқа қарорларга ҳам тўсқинлик қилиш билан таҳдид қилишди”, - деб ёзади Die Welt.

Нархлар ошишига Европа Иттифоқининг камида 15 та мамлакати, жумладан, Испания ва Греция ҳам рози. Улар бу чора қишда истеъмолчилар учун нархларни пасайтириш ва ижтимоий тартибсизликларни олдини олишда ёрдам беради дея ҳисоблашмоқда. Германия, Нидерландия ва Дания мамлакатлари эса аксинча, чекловлар газ истеъмолини кўпайтиришини, трейдерлар эса устига нарх қўйиб қайта сотишади, деган фикрда.

“Аламзадалик ишораси”

Бошқа, анчайин катта сабаб ҳам бор: Россия газига қарамлик жуда кучли. Корхоналар ва уй хўжаликларини энергия нархининг ошишидан ҳимоя қилиш учун “чора кўриш” керак, лекин газни умуман йўқотмаслик лозим.
“Чекловларни шундай ўйлаб топишганки, уларнинг эҳтимоллари энг кам бўлиши керак. Еврокомиссия сиёсий ва мафкуравий сабабларга кўра воз кеча олмайди. Шу сабабли воқеаларнинг фантастик тус олишидагина амалга ошириладиган механизм ўйлаб топишди. Механизм бор, аммо энг баланд нарх йўқ”, - дейди Миллий энергия хавфсизлиги жамғармаси бош директори ўринбосари Алексей Гривач.
“Қарорнинг сиёсий характери маълум: Европа Иттифоқи раҳбарлари АҚШ ва Россия муносабатларида манёврлар учун майдон қолдиришмоқчи. Бошқа томондан, бу аламзадалик ишораси: Брюсселдаги амалдорлар Россияга санкциялар билан босим ўтказишнинг бефойдалигини англаб етишмоқда”, - дейди саноат бўйича мустақил эксперт Леонид Хазанов.
Кўк ёқилғи ва Американинг суюлтирилган гази захиралари билан европаликлар бу қишни амал-тақал қилиб ўтказишади. Бироқ, Москва билан навбатдаги кескинлашув уларга асло фойда олиб келмайди.
Иссиқ ҳам совуқ ҳам эмас
Россияга бундай бутофория муаммолар келтириб чиқариши амри маҳол.

“Бир ой олдинги шартнома кўплаб узоқ муддатли шартномаларда нарх кўрсаткичи сифатида қўлланилади. Ва агар механизм ишга туширилса, таъминот тўхташи мумкин”, - дейди Алексей Гривач. Аммо бу фақат назарий қараш, чунки лимит ниҳоятда баланд.

Афтидан, Европада ҳеч қандай юқори нархлар вазиятни ўзгартирмаслигини аста-секин англаб етишяпти: ҳар ҳолда газни бозор нархида сотиб олиш керак бўлади.
Нефть борасида эса ҳамон бош қотиришмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, бир баррель учун 65-60 доллар белгилашни муҳокама қилишмоқда. Ва бу ерда ҳам таваккалчилик қилишяпти: лимит ўртача тарихий кўрсаткичларга мос. Россия эса дисконтлар билан сотаётган экан, бундай чекловлар савдо-сотиққа деярли таъсир кўрсата олмайди.