Электромобиль тармоғини ривожлантириш учун қандай енгилликлар берилиши маълум бўлди

Ўзбекистон электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисмини давлат қоплаб бериши кўзда тутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қувватлаш станцияларини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган навбатдаги йиғилишда ушбу таклифлар муҳокама қилинди.
Жумладан, республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда. 2023-2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади.
Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни президент электромобил тармоғини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишган эди. Унда электромобил тармоғини ривожлантириш учун қатор таклифлар ишлаб чиқиш топширилган эди.