ТОШКЕНТ, 24 ноя - Sputnik. Ўзбекистонда фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисаларини текшириш қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 17 ноябрь куни қабул қилинган “Фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисаларини Ўзбекистон Республикасида текшириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланди, деб хабар берди “Норма”.
Ҳужжатга мувофиқ:
Транспорт вазирлиги авиация ҳодисалари бўйича текширишлар ўтказилишини ташкиллаштиришга масъул ҳисобланади ва унга текшириш ўтказишда мустақиллик берилади;
текширув оғирлиги 2250 кгдан юқори бўлган ҳаво кемалари (учувчисиз учиш аппаратлари) билан содир бўлган авиация ҳодисалари бўйича ўтказилади;
глобал аҳамиятга эга бўлган парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсия ICAO’га юборилади.
Қарор билан Фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисаларини Ўзбекистон Республикасида текшириш қоидалари тасдиқланган бўлиб, уларга кўра:
авиация ҳодисалари авиаҳалокатлар (одам ўлимига сабаб бўлган – фалокат, одамлар ўлимига сабаб бўлмаган – авария), авиация инцидентлари ва жиддий авиация инцидентларига таснифланади;
авиаҳалокатлар ҳақида хабар топган шахслар зудлик билан маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаро авиацияси ташкилотига маълум қилиши керак;
авиаҳалокат ҳақида хабар топган диспетчерлик хизматлари зудлик билан Транспорт вазирлиги, ДХХнинг транспорт бошқармаси, Транспорт прокуратураси ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларига юборади;
Транспорт вазирлиги хабарни Вазирлар Маҳкамаси, ФВВ, ИИВ, ДХХ, Қуролли Кучларнинг Авиация парвозлари хавфсизлиги хизмати, Транспорт прокуратураси ва Авиаходимлар касаба уюшмаси марказий қўмитаси (хорижий мамлакатнинг ҳаво кемаси билан боғлиқ авиаҳалокатлар бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхонани хам хабардор қилади);
текшириш Транспорт вазирлиги томонидан ижро хокимияти органлари, прокуратура, ҳаво кемасини ишлаб чиқувчилари, эксплуатантлари, ҳаво кемаси рўйхатдан ўтган мамлакатнинг вакиллари ва Ўзбекистоннинг бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралари иштирокида ўтказилади;
текшириш материаллари ҳисобот тасдиқлангандан сўнг беш кунлик муддатда терговни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга, Транспорт вазирлиги, кема эксплуатанти (эгаси), авиаҳалокат метеошароитлар билан боғлиқ бўлса – Ўзгидромет, Мудофаа вазирлигига юборилади.
Маълумот учун, ICAO (International Civil Aviation Organization) – Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти. Ўзбекистон 1992 йил 12 ноябрдан буён мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.