Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Россия БМТнинг рус ҳарбийлари отиб ташланганига муносабатини танқид қилди

Мария Захарова БМТ воқеаларга муносабат билдиришда бир қарорга келиши кераклигини таъкидламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари Донбассда россиялик ҳарбийларнинг қатл этилиши билан боғлиқ вазиятда “фактларга баҳо беришдан қочиб, умумий иборалар орқасига яширинмоқда”. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова шундай фикр билдирди, деб хабар берди РИА Новости.
“Менимча, БМТ Котибияти вакиллари қарор қабул қилишлари керак: ё бир марта “барча ёмонликка қарши яхшилик тарафдори” эканликларини эълон қилишлари керак; ёки турли ҳодисаларни баҳолашга ўзларининг функционал мажбуриятлари ва ваколатларига мувофиқ холис, объектив ёндашишни бошлашлари керак”, - деб ёзди у Telegram’даги каналида.
Шу тариқа, Россия ТИВ вакили БМТнинг ҳарбий хизматчиларнинг қирғин қилиниши акс этган видеоролик эълон қилинишига муносабатини изоҳлади. БМТда ҳодисага муносабат билдириб, “инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишидан хавотирда” эканликлари айтилганди.
Захарованинг сўзларига кўра, “Бучадаги воқеалар юзасидан улар батафсил, аниқ ва фаолроқ бўлишганди”.
Аввалроқ Мудофаа вазирлиги Украина ҳарбийлари таслим бўлган ўн нафар россиялик аскарни қасддан ўлдирганини маълум қилганди.
18 ноябрь куни интернетда рус аскарларини отиб ташлаш жараёни акс этган видео пайдо бўлди. Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши (ИҲК) раиси Валерий Фадеевнинг сўзларига кўра, бу воқеа ЛХРнинг Макеевка қишлоғида содир бўлган. У воқеани “кишининг жиғига тегадиган намойишкорона жиноят” деб атади ва халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди. ИҲК видеони БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Amnesty International, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва бошқа ташкилотларга юборади.
Кейинроқ Россия Тергов қўмитаси асирга олинган россиялик ҳарбийларнинг Украина вакиллари томонидан оммавий қатл этилиши факти бўйича жиноий иш очди.