ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда. Бугун ўзбекистонлик санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилади, дея хабар берди Маданият вазирлиги Sputnik мухбирига.
Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг мурожаатига биноан 21 – 24 ноябрь кунлари Остонада Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистондан юздан ортиқ ижодкорлар, хусусан маданият ва санъат намоёндалари, Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси вакиллари, ҳунарманд ва рассомлар иштирок этмоқда.
Айни пайтда улар маданият кунларини юқори даражада ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Тадбирларда ҳар икки тараф ижодкорларининг маҳорат дарслари, анжуманлар, амалий санъат ҳамда заргарлик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Бугун маданият кунлари доирасида икки давлат санъат усталари иштирокида консерт дастурлари намойиш этилади.