ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Россиядаги энг йирик юк машиналари ишлаб чиқарувчиси “КамАЗ” Ўзбекистонлик ишчиларга энг яхши иш берувчи деб топилди. Sputnik мухбири маълум қилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги компанияни ходимлар учун яратилган энг яхши ижтимоий шароитлар учун мукофотлади.
Тошкентда меҳнат миграцияси бўйича халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида “КамАЗ” “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун энг яхши ижтимоий шарт-шароитларни яратган иш берувчи” номинацияси бўйича тақдирланди.
Маълумот учун, “КамАЗ” ўтган йилдан бошлаб ўз корхоналарига ишлаш учун хорижий фуқароларни жалб қила бошлаган.
Биринчи чет эллик ишчилар орасида 450 нафар Ўзбекистон фуқароси бор эди. Кейинроқ автомобил ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарияти Ўзбекистондан янада кўпроқ ишчиларни жалб этиш ниятида эканини маълум қилди.
Ҳозирда компания корхоналарида 700 дан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.
“КамАЗ”нинг Ветнам, Қозоғистон, Покистон ва Ҳиндистонда йиғиш заводлари мавжуд. Автомобил ишлаб чиқарувчисининг асосий акциядорлари "Ростех" давлат корпорацияси (47,1%), “Автоинвест” (23,54%) ва Daimler AG (15%) ҳисобланади.