ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Тошкентдаги айрим кўча чироқлари ўчирилиши натижасида кунлик электр энергияси сарфи 25 фоизга камайди. Бу ҳақида Тошшаҳарнур хабар берди.
Тошкентда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёритиш тармоқларида қўшимча энергия сарфини чеклаш режими жорий этилилиши натижасида ўртача энергиянинг кунлик истеъмоли 87,8 минг кВт-соатни ташкил этди. Бу кўрсатгич октябрь ойида 115,9 минг кВт-соатга тенг бўлган.
“Кунига 28 100 кВт-соат ёки ойига 843 000 кВт-соат электр энергияси тежалди. Таққослаш учун ушбу тежалган электр энергияси республикадаги 4 400 та хонадоннинг ўртача бир ойлик истеъмолини ташкил этади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрдан Тошкент шаҳрида кўча ёритиш тизимлари энергия тежаш режимига ўтказилди. Бу асосан марказий кўчаларнинг ёритиш тизимига ва иллюминация чироқларига таалуқли бўлиб, кўча чироқлари бутунлай ўчирилмайди. Кўчалар, аҳоли яшаш жойлари, мавзе ва маҳаллалар меъёр даражасида ёритилиши таъминланади.