Ўзбекистон ва россиялик реставраторлар ўзаро тажриба алмашади

Туризм вазирлигида Россия Федерацияси Маданият вазирининг ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Россиялик уста-реставраторлар музейлар соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар қилмоқда Туризм вазирлиги.
Азиз Абдуҳакимов ҳамда Россия Федерацияси Маданият вазирининг ўринбосари Надежда Преподобная ўртасида бўлиб ўтган учрашувда туризм, маданият ва музейлар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва келажакдаги истиқболи муҳокама қилинди.
Шунингдек, музейлар соҳаси билан бир қаторда маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида россиялик уста-реставраторларнинг мамлакатга ташрифини амалга оширишга келишиб олишди.
Бундан ташқари, 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган “Рус фасли” лойиҳаси Дастури атрофлича муҳокама этилди.
Шу билан бирга, Россиядаги Ўзбекистонга оид маданий бойликлардан нусха олиш, улар тўғрисида маълумотлар тўплаш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Ўзбекистон ва Россия музей ходимларининг анжумани бўлиб ўтган эди. Aнжуман доирасида иштирокчилар Ўзбекистон ва Россияда музей соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди, музейлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида ўтказилган форумда Санкт-Петербург давлат кино ва телевидение институти Ўзбекистон Республикаси Давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.