Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни ўзаро топширишни режалаштирмоқда

Депутатлар Қозоғистон билан маҳкумларни ўзаро топшириш тўғрисидаги халқаро шартномани биринчи ўқишда қабул қилишди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди ва қабул қилишди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширади.
Мазкур халқаро шартномада аҳдлашувчи томонлар шартномада белгиланган шартларга биноан бир-бирларининг илтимосномалари бўйича ҳукм чиқарган давлат ҳудудида жиноят содир этгани учун жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган ва бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқароси бўлган маҳкумларни ҳукм ижро этиладиган давлатга ўтказиш тартиби белгиланган.
Жумладан, маҳкум ҳукм чиқарилган томон ҳудудидан ҳукм ижро этиладиган томон ҳудудига жазони ёки унинг қолган қисмини ўташ учун топширилиши мумкин.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама этилиб, қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутатлар “Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида маҳкумларни ўтказиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилишган эди.