Молия вазирлиги Ўзбекистон ташқи қарзи борасида тўлиқ ҳисобот эълон қилди

Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2022 йилнинг дастлабки олти ойида қандай ўзгарганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон давлат қарзи камайди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида кўрсатилган.
Хусусан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига давлат қарзи 26,0 млрд. АҚШ долларини ёки ЯИМнинг 35,1 %ни ташкил этди. Бу 2021 йил якунига қараганда 0,3 млрд долларга кам.
Ҳисоботга кўра ушбу қарзнинг 23,3 миллиарди - давлат ташқи қарзи ва 2,8 миллиарди - давлат ички қарзига тўғри келади.

Ташқи қарзининг асосий манбаалари:

Осиё тараққиёт банки $ 5,4 млрд.
Жаҳон банки $ 4,4 млрд.
Халқаро инвесторлар $ 2,6 млрд.
Хитой давлат тараққиёт банки $ 2,2 млрд.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги $ 1,8 млрд.
Хитой эксимбанки $ 1,9 млрд.
Ислом тараққиёт банки $ 0,9 млрд.
Бошқа халқаро молия ташкилотлари $ 4,1 млрд.

Олинган қарз қайси соҳаларга сарфланмоқда:

$ 6,0 млрд - давлат бюджетини қўллабқувватлашга;
$ 2,7 млрд - электр-энергетика соҳасига;
$ 3,0 млрд - энергетика соҳасига;
$ 2,5 млрд - транспорт ва транспорт инфратузилмасига;
$ 2,4 млрд - қишлоқ ва сув хўжалигига;
$ 2,2 млрд - уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси;
$ 1,4 млрд - тижорат банклари;
$ 1,1 млрд - кимё саноати;
$ 0,8 млрд - таълим ва соғлиқни сақлаш;
$ 0,2 млрд - телекоммуникация;
$ 1,0 млрд - бошқа соҳалар;

Ташқи қарз даражасидаги ўзгаришлар

Молия вазирлиги ҳисоботида қайд этилишига кўра, Ўзбекистон ташқи қарзи миқдори ЯИМга нисбатан камайиб бормоқда. Хусусан 2020 йилда ташқи қарз ЯИМнинг 39%ини ташкил этган бўлса 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида - 35,1 %ни ташкил қилди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон иқтисодиёти 2022 йилда барқарор ижобий ўсиш динамикаси намойиш этмоқда. Хусусан реал ЯИМ ўсиши 5,4 %ни ташкил этди.
Шунингдек, давлат номидан ва кафолати остида имзоланган қарз битимлари ҳажми ҳам камаймоқда. Масалан, 2019 йилда давлат кафолати остида $ 8,9 млрд.лик битимлар имзоланган бўлса, 2020 йилда $ 5,4 миллиардлик, 2021 йилда эса $ 4,9 миллиардлик қарз битимлар имзоланган.
Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботида кўрсатилишига кўра, Ўзбекистон давлат ташқи қарзи "мўътадил" даражада ҳисобланади. Халқаро баҳолаш агентликлари (Fitch Ratings, S&P) ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини "BB-", яъни барқарор кутилма даражасида баҳолашмоқда.