Ереванда Россия ва Арманистон-Россия муносабатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган акция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Арманистон хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Россия элчихонаси олдидаги тадбирни Арманистон Коммунистик партияси, Ватанпарварлар иттифоқи ва Фахрийлар иттифоқи ташкиллаштирган. Акцияда қатнашганлар “Абадий Россия билан”, “Россияга қарши провокацияларга йўқ деймиз!”, “Ҳамиша Россия билан бирга!” деб ёзилган плакатларни кўтариб олишганди.
Арманистон Коммунистик партияси етакчиси Ерджаник Казарян акция чоғида тўпланганлар АҚШдан ҳам ёши катта бўлган Арманистон ва Россия халқлари дўстлигини қўллаш учун келишганини маълум қилди.
У сўнгги пайтларда Россияга қарши кайфият фаоллашгани ва тегишли пропаганда ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
“Биз барча соҳаларда – иқтисодий, ҳарбий-сиёсий ва бошқа – Арманистон-Россия муносабатларини чуқурлаштириш тарафдоримиз”, - деди Казарян.