Деҳли университети талабаларига ўзбек тили ўргатилади

Деҳли университети ўзбек тили бўйича ўқув курслари мавжуд бўлган Ҳиндистондаги учинчи олий таълим муассасасига айланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Деҳли университетида ўзбек тили ва ҳинд ўзбек илмий-маданий алоқалари маркази очилди. Бу марказ икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги қадимий ришталарига янги мазмун бахш этади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, эришилган келишувлар Тошкент давлат шарқшунослик ва Деҳли университетлари илмий жамоатчилиги томонидан амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви таълим дастурлари орқали мутахассислар тайёрлаш ишлари учун ҳуқуқий асос бўлади.
Дунё фанида илк илмий ҳиндшуносликка Абу Райҳон Беруний асос солган. Унинг “Ҳиндистон” асари ушбу илмий йўналишга тамал тоши бўлиб хизмат қилмоқда ва бу каби тадқиқотлар хозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Мамлакатнинг Ҳиндистондаги элчихонаси марказ фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ўзбек тили, маданияти, тарихи ва замонавий тараққиёти ҳақидаги маълумотларни қамраб олган китобларни тақдим этган.
Деҳли университети ўзбек тили бўйича ўқув курслари мавжуд бўлган Ҳиндистондаги учинчи олий таълим муассасасига айланди. Бунга қадар 2004 йилдан Деҳлидаги Жамия Миллия Исламия ҳамда 2021 йилдан Жаваҳарлал Неру университетларида ҳам ўзбек тили курслари фаолияти йўлга қўйилган.