ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Жорий йилнинг 9 декабрь куни Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити ўтказилади.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматининг Садир Жапаров Қасим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида ғалаба қозонгани муносабати билан табриклагани ҳақидаги хабаридан маълум бўлди.
Президентлар телефон орқали мулоқот қилган. Улар ҳамкорлик истиқболлари, минтақавий алоқалар, шунингдек, 9 декабрь куни Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди. Иттифоқ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.