ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев амалдаги давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевни навбатдан ташқари президентлик сайловидаги “ишончли ғалабаси” билан табриклади. Бу ҳақда РИА Новости собиқ президент матбуот хизматига асосланиб, хабар қилди.
“Сизни Қозоғистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман! Бу ғалаба Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги юксак нуфузингиздан ва амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларингиз ва янги ташаббусларингизга халқнинг сўнмас ишончидан далолат беради ҳамда давлатимиз мустақиллиги хавф остида қолган хавотирли соатларда кўрсатган матонат, қатъият ва донолигингиз эътирофининг сўзсиз исботидир”, - дейилади Назарбоевнинг табригида.
Шунингдек, у Тоқаевга ҳар доим халқнинг умумий қўллаб-қувватлаши ва ҳурматидан баҳраманд бўлишини тилади.
Марказий сайлов комиссияси бугун, 21 ноябрь куни сайловларнинг дастлабки натижаларини сарҳисобини эълон қилди. Унга кўра, 80 фоиздан ортиқ овоз олган амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди.
Навбатдан ташқари президент сайловида мавжуд 11,95 миллион сайловчининг 69,43 фоизи иштирок этди. Сайловчиларнинг иштироки бўйича энг юқори кўрсаткич Жетису вилояти (81,42%) ва Қизилўрда вилоятида (81,07 %) қайд этилди. Мазкур кўрсатгич Остонада 48,6% ни, Олмаотада эса 28,72%га тенг бўлди. Аксарият ҳудудларда сайловчиларнинг иштироки 70 фоиздан ошди.