Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украина ЗАЭСнинг стратегик объектларини ўққа тутди

Қайд этилишича, Украина армияси тўғридан-тўғри станция ҳудудига зарба берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Украина Қуролли кучларининг оммавий ўққа тутиши Запорожье атом электр станциясининг стратегик объектларига зарар етказди. Бу ҳақда “Росэнергоатом” бош директори маслаҳатчиси Ренат Карчаа РИA Новостига маълум қилди.
Унга кўра, Украина армияси тўғридан-тўғри станция ҳудудига зарба берган.

“12 та ракета учирилди. Олтитаси реактор совутиш фаввораси ҳовузига, иккитаси ядровий чиқиндиларни қуруқ сақлаш жойига урилган. Ҳозирча отишма оқибатларини аниқлашнинг иложи йўқ - такрорий ҳужумлар хавфи сақланиб қолмоқда”, - дейилади хабарда.

Унинг сўзларига кўра, ЗАЭС ходимларидан ҳеч ким жабрланмаган.
Запорожье AЭС блоклари сони ва ўрнатилган қуввати бўйича Европада энг йирик ҳисобланади. Март ойидан бери у Россия ҳарбийлари ҳимоясида. Россия Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек, бу ядровий ва радиоактив материалларнинг сизиб чиқишининг олдини олиш учун зарур. Украина қўшинлари станцияни ҳам, қўшни Энергодар шаҳрини ҳам мунтазам равишда ўққа тутмоқда.
Шу ҳафтада МAГAТЭ Бошқарувчилар кенгаши Россияни Запорожье атом электр станциясини тарк этишга ва унга эгалик қилиш бўйича “асоссиз даъволардан” воз кечишга чақирувчи резолюция қабул қилди. Ҳужжатни 35 давлатдан 24 таси маъқуллаган, Россия ва Хитой қарши овоз берган. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг таъкидлашича, Бошқарувчилар кенгашининг ёндашувлари ҳақиқатни акс эттирмайди. Россия Давлат думасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий, ўз навбатида, резолюцияни амалга ошириб бўлмайдиган деб атади, чунки AЭС Россия ҳудудида жойлашган ва аллақачон унинг энергетика тизимининг бир қисмига айланган.