ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида қуйидагилар ташкил этилади:
• Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси;
• Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти.
“Жамғарма маблағлари ҳисобидан касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм), бироқ йўлланма нархининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда оромгоҳларга компенсация тўланади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 январдан:
• Маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда Жамғармага йўналтирилади;
• Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ходимларининг фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан (300 минг сўмдан) ошмаган қисми иш берувчилар томонидан компенсация қилиб берилиши мумкин.
Шунингдек, болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилади.