Сенат Қирғизистон билан чегара шартномаларини маъқуллади

Сенаторлар Қирғизистон билан давлат чегараси ҳамда "Кампиробод" сув омборидан биргаликда фойдаланиш ҳақидаги шартномаларни ратификация қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 ноя - Sputnik. Бугун Ўзбкистон Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муҳим икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни муҳокама қилишди ва маъқуллашди.
Хусусан қуйидаги қонунларни:
“Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”;
“Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”.
Муҳокамада тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, экспертлар ҳам иштирок этди.
Улар давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини, чегарадаги низоларнинг олдини олиш ва ноқонуний савдога самарали қарши курашиш имконини беришини таъкидлашди.
Шунингдек, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратиши айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бериши ҳам алоҳида қайд этилди.