ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Қурилиш объектларини рўйхатга олишдан фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилади. Бу ҳақида президент имзолаган ПҚ–425-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан тегишли давлат дастурлари ва лойиҳалари доирасида объектларнинг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади.
Ахборот тизимида 2023 йил 1 январга қадар дастурлар ва лойиҳаларнинг рўйхатларини юритиш, уларга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар акс эттирилади.
Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.
Ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Ҳар чоракда вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар қурилиш соҳасида коррупция ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот бериб боришади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уй сотиб олмоқчи бўлган фуқаро қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини онлайн текшириши мумкинлиги маълум қилинганди. Уй сотиб олаётган фуқаро хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган уйнинг Қурилиш вазирлиги электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириши мумкин.