АҚШда Украинага ваъда қилинган баъзи қуроллар захираси тугаяпти – ОАВ

Қўшма Штатларда Украинага бериш мумкин бўлган чекланган миқдорда қурол-яроғ қолган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 ноя - Sputnik. АҚШда Украина учун баъзи юқори технологияли қурол-яроқ тизимлари ва ўқ-дорилар захираси тугаб бормоқда, деб хабар қилди CNN, АҚШ расмийларига таяниб.
Манбалардан бирининг айтишича, баъзи қурол-яроғ захиралари Киевга тўққиз ой давомида етказиб берилиши натижасида “камаймоқда”. Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Украинага юбориши мумкин бўлган чекланган миқдорда қурол-яроғ мавжуд.
Хусусан, 155 миллиметр калибрли снарядлар ва Stinger ҳаво мудофаа тизимлари захиралари хавотир уйғотяпти. Телеканалнинг бошқа суҳбатдошлари Қўшма Штатларда қўшимча қурол тизимлари, жумладан HARM антирадар ракеталари, GMLRS реактив ракеталари ва танкга қарши Javelin ракеталарини ишлаб чиқариш ҳолатидан хавотир билдирди.
Баъзи америкалик расмийлар Вашингтон ҳеч қачон ўз тайёргарлигини хавф остига қўймаслигини ва ҳар бир партия қуролнинг мамлакатнинг стратегик захиралари ва ҳарбий режаларига таъсири баҳоланишини айтди, деб хабар берди телеканал
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Оқ уй Украинага ёрдам кўрсатиш суръатини секинлаштиришни режалаштирмаётганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украинага ҳарбий ёрдам етказиб берилаётгани сабабли НАТО мамлакатларига нота юборган эди. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қайд этишича, Киев учун қурол ортилган ҳар қандай юк Москванинг қонуний нишонига айланади. Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнамоқда”. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Киевга Ғарбдан қурол-яроғлар юборилиши Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмайди ва, аксинча, салбий таъсир кўрсатади.