АҚШда республикачилар Украинага ажратган пуллар қаерга кетганини текширмоқчи

Республикачилар Энтони Блинкендан Давлат департаменти крипто биржасига инвестиция киритгани ҳақидаги маълумотга изоҳ беришни талаб қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 ноя - Sputnik. АҚШ Конгрессининг бир гуруҳ республикачи депутатлари Давлат котиби Энтони Блинкенга Киевга ажратилган ёрдам бўйича аудит ўтказиш талаби билан мактуб йўллади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Украинага крушиш учун ёрдам бериш маысадида юборилган солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб долларлари АҚШдаги оралиқ сайловларда демократларга йирик хайриялар қилган FTX криптовалюта биржасига сармоя сифатида киритилгани ҳақида маълумотлар олдик”, - дейилади хатда.

Ҳужжатда айтилишича, март ойида Украина ҳукумати FTX крипто биржаси билан ҳамкорликда хайрия йиғиш учун веб-сайт очган. Бу президент Жо Байден Киевга миллиардлаб доллар ёрдам ваъда қилганидан бир неча кун ўтиб содир бўлган.
Республикачилар Украина ажратилган маблағларнинг бир қисмини FTX’га сармоя қилиб, Демократик партиянинг Конгрессда кўпчилик ўринни қўлга киритишига ёрдам берган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Қонунчилар Блинкендан Давлат департаменти крипто биржасига эҳтимолий инвестицияларни текшираётгани ёки ҳаракатсизлиги ҳақида ҳисобот беришни талаб қилишди.
Мактуб қонунчилар Трой Нелс, Луи Гомерт, Мэри Миллер ва Байрон Дональдс ва бошқалар томонидан имзоланган.
Ўтган ҳафта бўлиб ўтган оралиқ сайловларда республикачилар Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритди. Демократлар Сенат устидан назоратни сақлаб қолишди. Республикачилар партияси аъзолари Байденнинг Киевни молиявий қўллаб-қувватлаш сиёсатини қайта-қайта танқид қилиб, агар сайловларда ғалаба қозонишса, назоратни кучайтириш билан таҳдид қилганди.
Баҳорда Конгресс АҚШ президенти маъмуриятига Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш учун қарийб 40 миллиард доллар ажратди. Октябрь ойида Байден АҚШ ҳукуматини декабрь ойи ўрталаригача молиялаштириш, шу жумладан бу мақсад учун қўшимча 12,4 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Россия ҳарбий амалиёти фонида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага қурол жўнатишда давом этмоқда. Байден ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади. Москва Ғарб ҳарбий техникасини етказиб бериш фақат можарони узайтиришини, Ғарб қуроллари ортилган автомобиллар Россия армияси учун қонуний нишонга айланишини бир неча бор таъкидлаган.