ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи алоҳида синфхоналари ташкил этилади. Бу ҳақида Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти хабар берди.
Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида малака ошираётган мактаб директорлари учун семинар ташкил этди.
Унда 2023 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида жорий этилиши мўлжалланаётган "Йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси" ва "Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдон" эскиз лойиҳалари намойиш этилди.
“Мазкур лойиҳаларда мактаб ўқувчиларида ёшликдан йўл ҳаракати кўникмаларини шакллантириш ва бу орқали турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш кўзда тутилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактабларда кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби ҳамда “Яшил чироқ” мусобақаси ташкил этилиши маълум қилинганди. Бу бўйича Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида мактаблар билан ҳамкорликда хизмат қиладиган катта инспектор лавозими жорий этилди.