Кейин бундай муваффақиятли шартнома тузиш қийин бўлади - Жапаров чегара ҳақида

Айни вақтда мамлакат парламентида ўзбек-қирғиз чегараси бўйича келишувлар кўриб чиқилмоқда. Президент қайд этишича, муаммо ҳозир ҳал қилинмаса, унда бундай муваффақиятли шартнома тузиш қийин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Ўзбек-қирғиз чегараси бўйича муаммо ҳозир ҳал қилинмаса, кейин бундай муваффақиятли шартнома тузиш қийин бўлади, деди Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров парламент мажлисида. Sputnik Қирғизистон хабарига асосан.
Айни вақтда Қирғизистон парламентида ўзбек-қирғиз чегараси бўйича эришилган келишувларни маъқуллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Жапаров ушбу кунни тарихий имконият деб атамоқда.

“Биз бераётганимиз йўқ, балки илгари берган ерларимизни қайтариб олмоқдамиз. Келишувлар моҳияти тарих томонидан баҳоланади, гап миллий хавфсизлик ҳақида кетмоқда. Баъзи депутатлар Жапаров ўзига бош оғриғи яратмасдан кўриб чиқишни кейинга қолдириши мумкинми, деб сўрашди... Бундай бўлмайди. Муаммони ҳозир ҳал қилмасак, кейин бундай муваффақиятли шартнома тузиш қийин бўлади. Эҳтимол, имконият ҳам бўлмас. Йилдан-йилга қўшни давлатларда аҳоли сони кўпайиб бормоқда. Агар масалани ҳал қилишни кейинга сурсак, нафақат 19 минг гектар, балки бир сотихга қон тўкилади. Чегарадаги можаролар туфайли 30 йил ичида қанча тинч аҳоли ва чегарачилар ҳалок бўлганини ўзингиз ҳам биласиз”, дейди президент.

Қирғизистон президенти ўз сўзида қўшни Ўзбекистон тараққиётда 30-40 йил олдинга ўтганини айтиб ўтди.
Обсуждение законопроектов относительно отдельных участков кыргызско-узбекской границы в Жогорку Кенеше

“Ўзбекистон томонининг калласи яхши ишлайди, шунинг учун Ўзбекистон биздан 30-40 йил олдинда. Биз ҳали ҳам бақиришда давом этамиз [намойиш қилиш]. Мен самолётлар, вертолётлар ҳақида гапирмаяпман, 30 йилдан бери гугурт ишлаб чиқарадиган завод ҳам қурмаганмиз”, - деди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар 2022 йилнинг 3 ноябрь куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон орасида эришилган келишувларга доир қонун лойиҳаларини қабул қилишди.
Қонун лойиҳалари билан ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 километрдан иборат чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилмоқда. Ўзбек - қирғиз чегарасининг умумий узунлиги 1500 километрга яқин.