Дон келишуви: Эрдоған Путинга миннатдорлик билдирди

Россия президенти жаноб Путинга келишувни узайтириш бўйича иродаси учун ўз миннатдорлигимни билдираман, деди Эрдоған.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 ноя - Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Россия етакчиси Владимир Путинга дон шартномасини узайтиришдаги “иродаси ва ҳиссаси” учун миннатдорлик билдирди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бош котиб жаноб Гутерриш, Россия президенти жаноб Путин ва Украина президенти жаноб Зеленскийга келишувни узайтириш бўйича иродаси учун ўз миннатдорлигимни билдираман ва барча ҳисса қўшганларни табриклайман”, деб ёзган Эрдоған Twitter саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, келишув 120 кунга узайтирилди. Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши керак эди.
22 июль куни Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакиллари икки ҳужжатдан иборат пакетни имзолади. Биринчи меморандум БМТнинг Россия ўғитлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорларига экспорт қилиш бўйича чекловларни олиб ташлаш мажбурияти билан боғлиқ. Иккинчиси Қора денгиздаги портлардан Украина донини экспорт қилиш алгоритмини белгилайди. Ушбу пакетли битим глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Сентябрь ойида Владимир Путин таъкидлаганидек, Украина донининг кўп қисми муҳтож мамлакатларга эмас, балки Ғарбга кетади. Шу билан бирга, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя таъкидлаганидек, озиқ-овқат маҳсулоти бўйича келишувнинг Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш билан боғлиқ қисми ишламаяпти.