Украина Россия ва НАТО ўртасида тўқнашувни келтириб чиқаришни орзу қиляпти – Полянский

Россиялик дипломатнинг сўзларига кўра, Киев “Украинани муқаррар мағлубиятдан қутқариш” учун бундай провокацияларга муҳтож.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Киев ҳукумати НАТОни Россия билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка тортишни орзу қиляпти. Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Польшадаги воқеани изоҳлаш асносида шундай фикр билдирди.
“Классик провокация ёки сохта байроқ операцияси шундай кўринади. Киев режими ҳар қандай воситалар, жумладан, очиқ провокация ёрдамида НАТО ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувни қўзғатишни орзу қиляпти”, - дея ёзган у Twitter᾽даги саҳифасида.
Россиялик дипломатнинг қўшимча қилишича, Киев “Украинани муқаррар мағлубиятдан қутқариш” учун бундай провокацияларга муҳтож.
Аввалроқ Польша ташқи ишлар вазирлиги 15 ноябрь куни мамлакат шарқидаги Пшеводув қишлоғи ҳудудига Россияда ишлаб чиқарилган ракета қулагани, икки киши ҳалок бўлгани ҳақида баёнот берган эди. Шу билан бирга, республика президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, ўқ-дориларнинг аниқ кимга оидлиги ҳали аниқланмаган. Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден Польшада қулаган ракета Россиядан учирилгани ҳақидаги иддаоларни инкор этувчи дастлабки маълумотлар борлигини таъкидлади. Америка етакчисининг сўзларига кўра, “траектория нуқтаи назаридан, унинг Россиядан учирилгани даргумон”.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина-Польша чегараси яқинидаги нишонларга Россия қуроллари билан ҳеч қандай зарба берилмаганини билдирди. Идоранинг таъкидлашича, воқеа жойидан Польша оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган вайроналар фотосуратларининг Россия қуролларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу вазиятни кескинлаштириш мақсадида қасддан уюштирилган провокация.