Турсинхан Худайбергенов янги лавозимга тайинланди

Турсинхан Худайбергенов президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Президент фармони билан Худайбергенов Турсинхан Айдарович президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Шу муносабат билан президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
У маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини бажарувчиси лавозимидаги фаолиятини давом эттиради.
Маълумот учун, Турсинхон Худойберганов 1951 йилда туғилган. Тошкент педагогика институти ва ИИВ Академиясини тамомлаган. У 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2001−2006 йилларда — президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида ўз фаолиятини олиб борган.