Самарада Наманган савдо-дистрибюторлик маркази очилиши мумкин

Наманган вилояти ҳокими Россиянинг Самара вилоятида ташриф билан бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Россиянинг Самара вилоятида савдо-дистрибюторлик маркази очилиши мумкин. Вилоят губернатори Дмитрий Азаров Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразоқов билан учрашувда шундай таклифни билдирди.
Наманган вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, Шавкатжон Абдуразоқов бошчилигидаги делегация Самара вилоятида ташриф билан бўлиб турибди.
Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари учрашувида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Шавкатжон Абдуразаков ва Дмитрий Азаров Самара ва Наманган ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади
Таъкидланишича, янги имзоланган шартнома Наманган ва Самара вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов Ўзбекистон билан Самара вилояти ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

“Мамлакатларимиз азалдан энг ишончли ва дўстона шериклар бўлиб келган. Эндиликда стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилди. Мана бир неча йилдирки Наманган ва Самара вилоятлари раҳбарияти икки томонлама ҳудудлараро муносабатларни мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда, бу эса юқори динамика ва самарадорликни таъминлаш имконини бермоқда. Мамлакатларимиз, ҳудудларимизнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарур”, - деди у.

Учрашувда Самара ва Наманган вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Абдуразоқов Самара вилоятининг транспорт, металлургия, металлга ишлов бериш, пластмасса буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни илгари сурди.
Ўз навбатида, Дмитрий Азаров Наманган вилоятига Самара вилояти саноат ва агросаноат мажмуалари маҳсулотларини экспорт қилишни ривожлантириш истиқболларини, Самара вилоятида Наманган вилояти савдо-дистрибюторлик марказининг очилиши, Волга бўйи ҳудудида тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича таклифларни билдирган.
Наманган вилояти делегацияси таркибида 70 дан ортиқ турли соҳа вакиллари бор. Хусусан, бизнес, ишбилармон доиралар, ижтимоий соҳа, маданият вакиллари ҳам Самарада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда иштирок этмоқда.