Россиянинг Мозори Шарифдаги консуллиги тез орада иш бошлайди

Иш кетмоқда, тез орада очилади, деди Кабулов Россиянинг Мозори Шарифдаги Бош консуллиги ҳақида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Россиянинг Aфғонистоннинг Мозори Шарифидаги Бош консуллиги яқин кунларда қайта очилади. Бу ҳақда Россия президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили, Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов маълум қилди.

“Иш кетмоқда, тез орада очилади”, - деди Кабулов тегишли саволга жавоб берар экан.

Мозори Шарифдаги Россия Бош консуллигининг фаолияти ўтган йилнинг июль ойида “Толибон”* ҳаракати туфайли вақтинча тўхтатилган эди.
2021 йил август ойи бошида “Толибон”* афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтириб, 15 август куни Кобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Aвгуст ойининг сўнгги икки ҳафтасида AҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб давлатлари фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинган эди.
31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, AҚШнинг Aфғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади. Сентябрь ойи бошида Aфғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга “Толибон”нинг биринчи ҳукмронлиги даврида ТИВ раҳбари бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошчилик қилди.
* террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остидаги ташкилот