Россия ТИВ вакили Польшадан узр сўрашни талаб қилди

Захарова Польшадан Варшавадаги элчи Андреев ярим кечаси безовта қилингани учун узр сўрашни талаб қилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя - Sputnik. Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Польша президенти Анжей Дуданинг ракета қулаши “бахтсиз ҳодиса” бўлгани ҳақидаги баёнотидан сўнг, Варшава РФ элчисига тунги қўнғироқ учун узр сўрашни истамайдими, деган мурожаат билан чиқди.

“Польша президенти ракета қулашини “бахтсиз ҳодиса” деб атади. Кеча биз Польша расмийлари ва сиёсатчиларининг хархашасини тингладик. Россияга қарши ҳамла қилган ва ярим тунда элчи Андреевни чақирган Польша идоралари кечирим сўрамоқчи эмасми?”, - деб ёзди Захарова Telegram каналида.

Польша оммавий ахборот воситалари 15 ноябрь куни кечқурун Польша ҳудудига иккита ракета тушгани ҳақида хабар беришди. Украина билан чегарадаги Люблин воеводлигида икки киши ҳалок бўлди. Республика Ташқи ишлар вазирлиги Польшага қулаган ракета Россияда ишлаб чиқарилганлигини айтиб чиқди. 16 ноябрга ўтар кечаси Польша ТИВ Россия элчиси Сергей Андреев вазирликка чақирилганини маълум қилди. ТИВ матбуот котиби Лукаш Ясиннинг сўзларига кўра, Россия элчиси “вазир Збигнев Рау томонидан қабул қилинган ва бу ҳеч қандай хушмуомалалик ва ҳатто қўл сиқишларсиз жуда қисқа суҳбат бўлган”.
16 ноябрь куни тушдан кейин Польша президенти Анжей Дуда мамлакат ҳудудига қулаган ракета Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига тегишли бўлиши эҳтимоли юқори эканлигини айтди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина-Польша давлат чегараси яқинидаги нишонларга зарбалар берилмаган ва баъзи эълон қилинган парчалар суратларининг Россия қуролларига алоқаси йўқ. Польша оммавий ахборот воситаларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги барча баёнотлари вазиятни кескинлаштириш учун атайлаб қилинган провокация экани урғуланди.
Ҳарбий эксперт Алексей Леонковнинг РИА Новостига айтишича, Россиянинг қанотли ракеталари Польша ҳудудига тушиши мумкин эмас, бироқ Украинанинг кутилмаганда ишга тушган С-300 ракеталари у ерга етиши мумкин.
Пентагоннинг таъкидлашича, бу вазиятда улар тахминлар билан эмас, балки аниқлик киритиш учун етарли имкониятлар мавжуд фактлар билан ишламоқчи. Шу билан бирга, фактлар олинмагунча, Пентагон НАТО Низомининг 5-моддаси (жамоавий мудофаа тўғрисида) қўлланилиши ҳақида гапирмайди, деди ҳарбий департамент матбуот котиби Патрик Райдер.
АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни G7 ва НАТО етакчиларининг учрашувини ўтказиш ташаббуси билан чиқди, шундан сўнг ракета “траектория жиҳатидан бу Россиядан учирилгани даргумон” эканини айтди.