ТОШКЕНТ, 16 ноя - Sputnik. Туркманистоннинг Дашовуз шаҳрида 16-17 ноябрь кунлари ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивали бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ушбу нуфузли тадбирда иштирок этиш учун маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи ва шоирлар, ҳунармандлар, жами юздан ортиқ ижодкорлардан иборат Ўзбекистон делегасияси Дашовув шаҳрига ташриф буюрди. Айни пайтда улар ўзига хос дўстлик байрамига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Фестиваль доирасида икки давлат санъат усталари иштирокида концерт дастурлари, спектакллар намойиши, ҳар икки тараф шоир ва ёзувчилари, кино соҳаси вакилларининг ижодий учрашуви, фильмлар намойиши, амалий санъат ҳамда заргарлик буюмлари кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари турли жабҳада, хусусан, маданий-гуманитар соҳада жадал ривожланиб бормоқда. Бунда олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар мунтазамлик касб этиб, улар доирасида қатор келишувларга эришилаётгани муҳим ўрин тутмоқда.
Икки давлат ҳудудида ташкил этилаётган йирик тадбир ва анжуманларда соҳа вакилларининг фаол қатнашаётгани ўзаро алоқаларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.