ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Ўзбекистон 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) ҳозиргидан икки бараварга оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда мамлакат президенти Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисида маълум қилди.
“Қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширган ислоҳотларимиз натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди. Биз 10 йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозиргидан икки баробарга оширишни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, имконият ҳам етарли”, - деди президент.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу инвестицияларни, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга йўналтириш учун аниқ лойиҳалар ва дастурлар бор.
Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат қарамоғидаги анъанавий соҳаларга ҳам хусусий инвестициялар жалб қилиш кун тартибида турибди.
“Биз хорижий инвесторларни ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга оширишга чақирамиз. Сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис қилиши, эртанги кунга катта ишонч билан барқарор ишлаши учун барча имкониятларни яратиб берамиз", - деди у.
Ўзбекистон раҳбари хорижий инвесторлар билан билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилишига ишонч билдирди.
Маълумот учун, 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,4 фоизга ўсиб, 734,6 триллион сўмни ташкил этди. 2020 йил бу кўрсаткич 580,2 триллион сўмни ташкил қилган эди.
Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМнинг ҳажми 21 миллион сўмга етди. Бу эса 2020 йилгига қараганда 5,3 фозига кўпроқдир.