Акбар Тошқулов адлия вазири лавозимига тайинланди

Акбар Тошқулов 2021 йил декабридан буён Тошкент давлат юридик университети ректори вазифасини бажариб келаётган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президентининг фармони билан Акбар Тошқулов адлия вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби маълум қилди.
Акбар Тошқулов 1971 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 1-даражали адлия маслаҳатчиси, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист" фахрий унвони соҳиби.
Меҳнат фаолиятини 1994—1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган Акбар Тошқулов адлия органлари тизимида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.
2017-2021 йилларда адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаган. 2021 йил декабридан буён Тошкент давлат юридик университети ректори вазифасини бажариб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани ва шу муносабат билан адлия вазири лавозимидан озод этилгани хабар қилинган эди.