Таълимда сиёсатга ўрин йўқ – Кравцов

Россия маориф вазири Тошкентда мактабгача таълимга бағишланган халқаро конференцияда нутқ сўзлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 ноя - Sputnik. Таълимда сиёсатга ўрин йўқ, мамлакатлар янги авлодни тарбиялаш учун ҳамкорликда ишлаши, бир-бирини ҳурмат қилиши керак.
Бу ҳақда Россия маориф вазири Сергей Кравцов Тошкентда бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг “Ёш болалар таълими ва тарбияси” II Бутунжаҳон конференциясида маълум қилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

“Очиқлигимиз ва ҳамкорликка тайёрлигимизни таъкидламоқчиман. Менинг ишончим комилки, таълимда сиёсатга ўрни йўқ. Биз фақат биргаликда меҳнат қилиш, бир-биримизни ҳурмат қилиш орқали муваффақиятга эришамиз, янги авлодни тарбиялаймиз ва бундан барчамиз фахрланамиз”, - деди вазир.

Кравцовнинг конференция иштирокчиларига мурожаатида таъкидлашича, мактабгача таълим, айниқса, муҳим аҳамиятга эга, чунки у боланинг шахсияти учун пойдевор қўяди ва у учун анъанавий қадриятларни шакллантиради.

“Инсон дунёқарашнинг пойдевори, уни бутун умри давомида қўллаб-қувватлайдиган анъанавий қадриятлар - жуда эрта ёшда сингдирилади ва шаклланади. Шунинг учун биз болаларни боғчадан бошлаб мустаҳкам оила, катталарга ҳурмат, табиатни асраш каби қадриятлар билан таништиришга ҳаракат қиламиз”, - дейди у.

Шунингдек, вазир бунда болани меҳр-оқибат ва адолатга ўргатадиган ота-она, оила ва атроф-муҳит муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, у бола учун хавфсиз муҳит яратиш, жумладан, ёш болаларнинг турли гаджетлардан фойдаланишини чеклаш ғоясини қўллаб-қувватлади.
Россияда мактабгача таълимга катта эътибор берилади. Болаларни боғчалар билан таъминлаш муаммоси тўлиқ ҳал қилинган, дейди маориф вазири.
“Боғчалар инфратузилмасини янгилаш, педагогларнинг малакасини оширишга эътибор қаратишда давом этамиз. Қўшимча ўринлар яратилиши туфайли бугун биз мактабгача таълим билан қамраб олиш муаммосини тўлиқ ҳал қилишга муваффақ бўлдик – бугун мактабгача таълим 199 фоизга етди”, - дейди Россия вазири.
Кравцовнинг сўзларига кўра, россиялик мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга ва илғор тажрибани, жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам хорижий ҳамкорлар билан бўлишига тайёр.
Эслатиб ўтамиз, 14-16-ноябрь кунлари Тошкентда ЮНЕСКОнинг “Эрта ёшдаги таълим ва тарбия” II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Тадбир иштирокчилари таълим тизимидаги долзарб муаммолар ва янгиликларни муҳокама қилиш, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари билан ишлаш соҳасида фикр алмашишади. Маданият, санъат, фан, спорт ва таълим соҳаларидаги халқаро экспертлар маърузалар ўқийдилар.
Конференция дастуридан маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, маърузалар, кўргазмалар, экскурсиялар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўрин олган.