Самарқандда тарихда илк бор фигурали учиш секцияси очилди

Болаларга узоқ вақт давомида Санкт-Петербургда фигурали учиш билан шуғулланган Зарина Ҳожимуҳаммедова мураббийлик қилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Самарқандда тарихда илк бор фигурали учиш секцияси очилди, деб хабар қилмоқда "Народное слово" нашри.
Маҳаллий болалар энди ушбу нафис ва ажойиб спорт турларидан бирига қўшилиш имкониятига эга. Вилоят марказидаги “Фамили Парк” савдо-кўнгилочар марказидаги ягона муз аренасида "Чемпион" фигурали учиш академияси ўз ишини бошлади, - дейилади хабарда.
Вилоятда қишки спорт турлари босқичма-босқич ривожлана бошлади. Бироз олдин Самарқанд шаҳрида хоккей секцияси очилган эди. Эндиликда болалар фигурали учиш асосларини ўрганиш имкониятига эга бўлди. Лойиҳа Зарина Ҳожимуҳаммедова ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Зарина узоқ вақт Санкт-Петербургда яшаб, фигурали учиш билан шуғулланган, бир неча бор турли мусобақалар ғолиби ва совриндори бўлган, Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлган. Вақти келиб аксарият спортчилар сингари у ҳам мураббийлик фаолиятини бошлашга қарор қилди ва бунинг учун айнан Самарқандни танлади.
– Нисбатан яқинда иш бошлаганимизга қарамай, болаларнинг спортнинг ушбу тури бўйича муваффақиятга эришиш борасидаги салоҳияти катта эканини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди устоз. - Уч ёшдан бошлаб қизлар фигурали учиш билан шуғулланишади. Улар энди нафақат конькида ишончли учиш, балким қийин пируэтларни ҳам бажара олишади. Машғулот вақтида ёш фигурали учувчиларнинг кўзларида ёрқин учқунлар пайыаш мумкин. Улар ўзлари учун янги бўлган спорт тури билан ҳақиқий завқ билан шуғулланишмоқда ва ғалабаларни жиддий орзу қилмоқда.
Биринчи спорт муваффақиятлари жуда тез орада келиши мумкин. Самарқанд фигурали учиш академияси ташкилотчиси яқин ойларда тошкентлик рақиблар билан мусобақалар ўтказишни режалаштирган. Турнирга тайёргарлик босқичи самарқандлик фигурали учувчилар иштирокидаги муз шоуси бўлади.
Мутахассислар Самарқандда қишки спорт турларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапирар экан, уларни мутасадди ташкилотлар ва тегишли республика федерациялари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидламоқда. Олимпия спорт турлари бўйича янги ташаббуслар манфаатдор ташкилотларнинг диққат марказида бўлса, тез орада Самарқанд музида ҳамиша чинакам "қайноқ" бўлади.