Рамзан Қодировнинг рафиқаси "Қаҳрамон она" унвони билан тақдирланди

Путин Ямал-Ненец автоном округида яшовчи Ольга Дехтяренкога ҳам “Қаҳрамон она” унвонини берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг турмуш ўртоғи Медни Қодировани “Қаҳрамон она” унвони билан тақдирлади. Президентнинг тегишли фармони ҳуқуқий ахборот сайтида эълон қилинди.
“Оила институтини мустаҳкамлаш ва болалар тарбиясидаги улкан хизматлари учун Қодирова Медни Мусаевнага “Қаҳрамон она” унвони берилсин”, деб РИА Новости ҳужжат матнидан иқтибос келтирган.
Шунингдек, Путин Ямал-Ненец автоном округида яшовчи Ольга Дехтяренкога ҳам “Қаҳрамон она” унвонини берди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин жорий йилнинг 16 август куни “Қаҳрамон она” унвонини таъсис этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Унвон билан РФ фуқароси бўлган, ўн ва ундан ортиқ болани дунёга келтирган ҳамда тарбиялаган оналар тақдирланади.
Шунингдек, “Қаҳрамон она” унвони билан бирга 1 миллион рубль миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳам берилади.
Маълумот учун, Медни ва Рамзан Қодировлар 12 нафар фарзандни тарбияламоқда, улардан тўрт нафари ўғил.