Паҳлавон Маҳмуд ҳақида “Хива лангари” тарихий фильмини суратга олиш ишлари бошланди

Бадиий фильмда Хоразм воҳасининг ўзига хос қадимий урф-одатлари билан бирга ўша даврга хос миллий кийим-кечаклар, қурол-аслаҳалар базаси акс эттирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишланган “Хива лангари” тарихий фильмини суратга олиш ишлари бошланди. Айни вақтда Хивадаги Ичан қалъа мажмуасининг Куня-арк саройида Паҳлавон Маҳмуд ўз отасидан пўстиндўзлик ва телпакдўзлик ҳунарини ўрганиши жараёни тасвирга олинмоқда, дея хабар берди Кинематография агентлиги.
Бадиий фильмда Хоразм воҳасининг ўзига хос қадимий урф-одатлари билан бирга ўша даврга хос миллий кийим-кечаклар, қурол-аслаҳалар базаси акс эттирилади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳаётини ифодалаш орқали минг асрлардан буён ўз тарихини сақлаб қола олган кўҳна Хива билан боғлиқ миллий ва қадимий обидалар, юрт бағрида етишиб чиққан файласуфлар ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильмнинг постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов, постановкачи оператор Ҳабибулла Ҳасанов, рассом Ниғмат Жўраев ҳамкорликда иш олиб бормоқда.