ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Кеча, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар 2022 йилнинг 3 ноябрь куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон орасида эришилган келишувларга доир қонун лойиҳаларини қабул қилишди.
Хусусан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари.
Уларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат аъзолари иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ахборот берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳалари билан ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 километрдан иборат чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу қонун лойиҳалари дастлаб сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари йиғилишларида муҳокамалардан ўтган.
Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини белгилаш борасидаги масалалар тўлиқ ўз ечимини топишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, чегара савдо-саноат зоналарини ташкил этиш, кичик ва ўрта бизнесни жонлантириш, ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа янги йўналишларини шакллантириш учун катта имкониятлар очилади.
Муҳокамалардан сўнг ушбу қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди.