ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Ер шари аҳолиси сони саккиз миллиардга етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз сайтида маълум қилди.
БМТнинг тушунтиришича, бундай динамикага Осиё минтақаси, хусусан, Ҳиндистон ва Хитой ҳисобидан эришилган.
“Осиё ва Африка бу ўсишнинг катта қисмини таъминлади ва 2037 йилда бу рақамга яна бир миллиард қўшилиши кутилмоқда, Европа ҳиссаси эса аҳоли сонининг қисқариши туфайли салбий бўлиб чиқади”, дейилади ташкилот баёнотида.
Ҳиндистон аҳолиси 177 миллионга, Хитой аҳолиси эса 73 миллионга ошган. Шу билан бирга, тадқиқотчилар келажакда Ҳиндистоннинг дунё аҳолисининг кўпайиши жараёнида улуши фақат ортиб боришини таъкидлаяпти. Прогнозларга кўра, 2037 йилга келиб сайёрага яна бир миллиард одам қўшилади.
Шу билан бирга, ташкилот сўнгги ўн йилликда бу динамика секинлашганини қўшимча қилди.
Аввалроқ, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Мисрдаги COP27 иқлим конференциясининг очилишида глобал ҳарорат ўсишининг давом этиши туфайли инсоният иқлимий тартибсизликни ўнглаб бўлмайдиган нуқтага яқинлашаётганини айтган эди.