Туркия АҚШнинг Истанбулдаги портлашдан кейинги таъзиясини қабул қилмади

Мамлакат ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ҳукумат ҳужум қаердан мувофиқлаштирилганини билишини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Туркия Истанбулнинг Тақсим майдонидаги Истиқлол кўчасида уюштирилган терактдан сўнг АҚШнинг ҳамдардликларини қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди, деб хабар бермоқда CNN Türk телеканали.

“Биз ҳужум қаердан мувофиқлаштирилганини биламиз. Биз ўзимизга йўлланган хабарни олдик ва у қандай хабар эканини биламиз. Биз Америка элчихонасининг ҳамдардлигини қабул қилмаймиз. Биз ҳеч кимни алдамаяпмиз. Бу алдовларга бардош берадиган кучимиз қолмади. Истиқлол кўчаси бизнинг жигарбандимиз. Агар биз ҳужум қилган шахсни ушламаганимизда, у бугун Грецияга қочарди”, - дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган телеканал.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер аввалроқ Қўшма Штатлар Истанбулда содир бўлган зўравонлик ҳаракатини қоралаб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдиришини айтганди. Сойлу бунга муносабат билдириб, расмий Вашинтоннинг таъзиясини қотилнинг воқеа жойига биринчилардан бўлиб етиб келишига ўхшатган эди.
Бир кун аввал Истанбул марказидаги сайёҳларнинг пиёда сайр қилиш учун севимли маскани Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг сўзларига кўра, оқибатда олти киши ҳалок бўлган. Кейинроқ Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай 81 киши жабрланганини маълум қилди.
Полиция терактга алоқадор 46 кишини ҳибсга олди, улар орасида ҳужумни уюштиришда гумон қилинган аёл ҳам бор. Эълон қилинган видеода унинг скамейкада тахминан 40 дақиқа ўтиргани ва портлашдан кейин орқасига қарамай, телефон экранига тикилганча қочиб кетганини кўриш мумкин.
ОАВ маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс Сурия фуқароси бўлиб, Туркияда террорчи ташкилот деб эълон қилинган Курдистон ишчилар партияси (КИП) билан алоқаси борлигини тан олган. Қайд этиш керакки, Туркия Швеция ва Финляндиядан НАТОга аъзо бўлишини маъқуллаш учун КИП вакилларини экстрадиция қилишни талаб қиляпти.