ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри марказида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан президент Режеп Таййип Эрдоғанга таъзия йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот котиби маълум қилди.
"Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади", - дейилади
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбул марказидаги сайёҳларнинг севимли кўчаси Истиқлолда портлаш содир бўлди. Туркия президентининг сўзларига кўра, оқибатда олти киши ҳалок бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, 81 киши жабрланган. Истанбул Бош прокуратураси воқеа юзасидан тергов бошлаган.
Туркия полицияси содир этилган теракт юзасидан 46 кишини, жумладан, буни ижро этишда гумон қилинаётган аёлни қўлга олган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига қараганда, қўлга олинган аёл Сурия фуқароси ва у Туркияда террорчи деб топилган Курдистон ишчи партияси билан алоқаси борлигини тан олган.