Истанбулдаги портлашга алоқадорликда гумонланган шахс қўлга олинди

Истанбул марказида портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Туркия полицияси Истанбулнинг Истиқлол кўчасида бомба қолдириши мумкин бўлган шахсни қўлга олди, дея маълум қилди Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу. Бу ҳақда TRT World телеканали хабар берди.
“Бомбани қолдирган шахс ушланди”, - деган вазир Сойлу.
Унинг сўзларига кўра, дастлабки маълумотлар портлаш ортида Курдистон ишчилар партияси (КИП) ташкилоти ва курдларнинг Халқ мудофааси кучлари (YPG) турганини кўрсатмоқда.
КИП ва YPG Туркияда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбул марказидаги сайёҳларнинг севимли кўчаси Истиқлолда портлаш содир бўлди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг сўзларига кўра, оқибатда олти киши ҳалок бўлган. Истанбул Бош прокуратураси воқеа юзасидан тергов бошлаган.