Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Жанубий яримшар мамлакатлари раҳбарларининг баёноти Украинани ғазаблантирди – “Le Figaro”

Аввалроқ Аргентина президенти “тинчликка эришиш бўйича музокараларни” бошлашга чақирган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Жанубий яримшар мамлакатлари раҳбарларининг Россия билан музокарага чорлаши Украинани ғазаблантирди. Бу ҳақда Франциянинг “Le Figaro” газетаси ёзмоқда.
“Украинадаги вазият тўғридан-тўғри жанубий яримшар мамлакатларига таъсир қиляпти, шунинг учун бу соф минтақавий можаро, дейиш мумкин эмас, деди турли мамлакатлар раҳбарлари Париж форумида”, - дейилади мақолада.
Мақолада Аргентина президенти Альберто Фернандес “тинчликка эришиш бўйича музокараларни” бошлашга чақиргани, Лотин Америкаси ҳам уларда иштирок этишга тайёр эканлигига ишонтиргани эслатилган.
“Тинчлик талаб қилиш соддалик деб ўйлашимиз мумкин бўлса ҳам, “тинчлик” сўзини яна қадрлаш муҳим”, чунки “тинчлик талаб қилишдан кўра инқилобийроқ нарса йўқ”, - дея Аргентина президентининг сўзларини келтиради газета.
Бундан ташқари, яқинда АҚШ Бош штаби бошлиғи, генерал Марк Милли ҳам можарога барҳам бериш бўйича музокаралар олиб боришга умид билдирди, чунки унинг фикрича, ҳарбий ғалаба на Москва, на Киев учун имконсиз.
Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ Россиянинг амалдаги раҳбарияти билан ҳеч қандай музокаралар бўлмаслигини маълум қилган ва Киев ҳатто уларни тақиқловчи махсус қонун ҳам қабул қилган эди.
Москва музокаралардан ҳеч қачон воз кечмаганини бир неча бор таъкидлаган. Хусусан, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, ҳозир мулоқотни давом эттириш имконияти йўқ, айниқса Украина расмийлари буни ўзларига тақиқлаб қўйган.
Россия 24 февралдан бери Украинада ҳарбий махсус операция ўтказмоқда. Владимир Путин унинг вазифаси “саккиз йил давомида Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” эканини айтган. Президентнинг сўзларига кўра, операциядан асосий мақсад Донбассни озод қилиш ва Россиянинг ўзи хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.