Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлик компаниялари ҳамкорлик қилишга келишиб олишди

Икки мамлакат Ипак йўли брендини тарғиб қилиш, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларига қўшма саёҳат сафарларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Олмаотада Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлик компаниялари ўртасида 12 миллион долларлик сайёҳлик хизматлари кўрсатилиши бўйича ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақида "Дунё" АА хабар берди.
Қайд этилишича, Олмаотада Ўзбекистоннинг "Dilrabo Travel" ва "Pamir Travel" компаниялари Қозоғистоннинг "Тумар Транс" компанияси билан сайёҳлик хизматларини кўрсатиш бўйича Ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Ҳамкорликка Фарғона вилояти делегациясининг қўшни мамлакат етакчи сайёҳлик компаниялари ва ташкилотлари билан учрашуви доирасида келишиб олинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томони Фарғона вилоятининг санатория-курорт тизими салоҳияти ҳақидаги маълумотларга атрофлича тўхталиб ўтди.
Шунингдек, маросим иштирокчиларига Шоҳимардон, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеоматериаллар, жумладан, "Боқий шаҳар" видеоролиги намойиш этилди.
Қозоғистон Туризм саноати Миллий ассоциацияси президенти Раушан Шомил қўшма лойиҳалар яратиш, Ипак йўли брендини тарғиб қилиш, Самарқанд шаҳарларига қўшма саёҳат сафарларини ташкил этиш учун туризм соҳасида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кучайтириш зарур эканлигини қайд этди.