ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига бериш талаби бекор қилинади.Бу ҳақида президент қарори имзоланди.
Қарорга мувофиқ 1 январдан бошлаб:
Жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш тартиби бекор қилинади.
Иш ҳақи ва бошқа даромадлари бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбурияти бекор қилинади.
Юридик шахслар давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини сақлаш мажбуриятидан озод этилади.
Солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш ҳам бекор қилинади.
бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этишлари шарт бўлмайди.
Айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари ҳам йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб бир қатор статистик ҳисобот турлари бекор қилинади.
2023 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларга рухсат берилади:
тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда ЯТТларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;
юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш.