ТОШКЕНТ, 10 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити арафасида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашув ўтказди. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Икки томонлама учрашувдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдоғанга Ўзбекистон Республикасининг "Олий Даражали Имом Бухорий" орденини топширди, - дейилади хабарда.
Орден гувоҳномасида қайд этилишига кўра, ушбу юксак мукофот президент Режеп Таййип Эрдоғанга:
Ўзбекистон ва Туркия орасида стратегик шерикликни муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси;
қардош халқларнинг кўп асрлик биродарлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат руҳидаги алоқаларни чуқурлаштиришга;
ҳамда ислом дининининг умуминсоний қадриятларини фаол тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Ўзбекистон президенти Самарқандда Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳамда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевлар билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказган эди.