Самарқанд вилоятида иккита янги буюртма қўриқхона ташкил этилади

Қўшработ ва Нуробод туманида иккита янги буюртма қўриқхона пайдо бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Самарқанд вилоятида “Фозилмон” ҳамда “Чўнқаймиш” давлат муҳофаза этиладиган буюртма қўриқхоналарини ташкил этиш режалаштириляпти. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Вилоятнинг Қўшработ туманида 24000 гектар бўлган “Фозилмон” ва Нуробод туманида 4600 гектар бўлган “Чўнқаймиш” давлат муассасаси шаклида буюртма қўриқхоналари ташкил этилиши кутиляпти.
Қўриқхоналар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг тузилмасига киради. Улар ҳудудидаги табиий мажмуалар ва ландшафтлар, шу жумладан, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши хабар қилинган эди.