Рус тили ўқитувчилари халқаро танловда иштирок этишлари мумкин

Танловда иштирок этиш истагини билдирган барча ўқитувчилардан аризалар 1 декабрга қадар қабул қилиб олинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистонлик рус тили ўқитувчилари “Чегара билмас таълим” халқаро танловида иштирок этишлари мумкин.
“Чегара билмас таълим” халқаро танлови Ўзбекистон ўқитувчиларига ўз маҳорат ва ютуқларини нафақат ватандошларига, балки МДҲнинг бошқа давлатларидан келган ҳамкасбларига ҳам намойиш этиш имкониятини беради.

“Амалиёт шуни кўрсатадики, бундай тадбирлар тажриба алмашиш учун коммуникатив платформага айланмоқда, бу ерда самарали фикр алмашилади, мамлакатлараро алоқалар ва профессионал ўзаро алоқалар ўрнатилади ва қўллаб-қувватланади. Энг илғор тажрибаларни аниқлаш ва оммалаштириш танловнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб, биз МДҲ давлатларининг энг малакали ва иқтидорли ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз”, дейди Халқаро ташкилий қўмита раиси, АГТ алоқа агентлигининг Ижтимоий коммуникациялар амалиёти лойиҳаси менежери Ярослав Куплинов.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган барча ўқитувчилардан 1 декабрга қадар аризалар қабул қилиб олинади.
Танловга мактаблар ва очиқ таълим марказлари, шунингдек рус тилини классик усуллар бўйича ҳамда инновацион таълим технологиялари ва ўзларининг услубий ишланмаларидан фойдаланган ҳолда таълим берувчи ўқитувчилар таклиф этилади.
Танлов икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич сиртқи бўлиб, у 10 октябрда бошланган ва 12 декабргача давом этади.
Биринчи босқич ғолиблари 12 декабрда эълон қилинади. Финалчилар 22-23 декабрь кунлари Москвада бўлиб ўтадиган танловнинг иккинчи босқичида иштирок этишга таклиф қилинади.
Иккинчи босқич натижаларига танлов ғолиблари ва лауреатлари 23 декабрь куни тақдирлаш маросимида эълон қилинади.
Танловнинг ҳар бир иштирокчисига шахсий сертификат топирилади. Лауреатлар ва ғолиблар эса шахсий диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланадилар. Бунда танловнинг 4 та ғолиби 50 минг рубль, 8 нафар лауреати эса 30 минг рублдан олади.
Бундан ташқари, ғолиб ва ​​совриндорларга ўз педагогик лойиҳасини МДҲ мамлакатларидаги рус тили ўқитувчиларининг профессионал ҳамжамиятида тарқатиладиган танловнинг расмий электрон тўпламида нашр этиш ҳуқуқи берилади.
Маълумот учун, ўқитувчилик касби анча таълабга эга. Ҳозирда Россия олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида Ўзбекистон-Россия лойиҳаларида ишга жойлашиш мақсадида 53 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Рус тилини энг юқори даражада билишни талаб этувчи тиббиёт, дастурлаш ва ахборот хавфсизлиги, иқтисод ҳамда ҳуқуқшунослик каби таълим йўналишлари абитуриентлар орасида энг кўп талабга эга.